Навбатдаги ҳисобот-сайлов Конференцияси

30 Mart 2022
Ko`rilganlar: 594

Бугунги кунда мамлакатимизда шахмат спорт турини ривожлантириш ва кенг оммалаштиришга шахсан муҳтарам Президентимиз томонидан алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда. Бунинг натижасида юртимиздан ҳар йили кўплаб Осиё ва жаҳон чемпионлари, кўплаб халқаро унвон соҳиби бўлган шахматчилар етишиб чиқмоқда.

Айниқса, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 14 январдаги “Шахматни янада ривожлантириш ва оммавийлаштириш ҳамда шахматчиларни тайёрлаш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори юртимизда шахмат спорти ривожида янги даврни бошлаб берди. Мазкур қарор билан мамлакатимизнинг Халқаро шахмат федерациясидаги (ФИДЕ) рейтинг кўрсаткичларини яхшилаш ҳамда 2025 йилда биринчи 10 таликка киришига эришишдек жиддий вазифалар юкланди.

Юқоридагиларни инобатга олган ҳолда, қолаверса федерация олдида турган муҳим вазифалар ижросини таъминлаш борасидаги ишларни атрофлича кўриб чиқиш мақсадида куни кеча Ўзбекистон шахмат федерациясида навбатдаги ҳисобот-сайлов Конференцияси ўтказилди. Унда мамлакатимиз ҳудудларидан сайланган барча делегатлар иштирок этди.

Конференция ишида қуйидаги масалалар кўриб чиқилди:

- Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 7-18 февраль кунлари ўтказилган ўрганиш якунлари бўйича киритилган тақдимномани муҳокама қилиш;

- Федерация раисининг ўринбосарларини сайлаш;

- Федерациянинг Ижроия қўмитаси аъзоларини сайлаш;

- Халқаро шахмат федерацияси (ФИДЕ)нинг жорий йил июль ойида Ҳиндистонда бўлиб ўтадиган 92-Конгрессида Ўзбекистондан расмий делегат сайлаш.

Кун тартибидаги масалалар делегатлар томонидан атрофлича муҳокама қилиниб, билдирилган фикрлар, таклиф ва мулоҳазалар асосида қуйидаги қарорлар қабул қилинди.

 

 

Ўзбекистон шахмат федерацияси олдида турган вазифаларнинг ижросини янада жадаллаштириш ва кучайтириш мақсадида ташкилот раҳбариятида сайловлар амалга оширилди. Унга кўра, 17-Жаҳон чемпиони Рустам Машрукович Қосимжонов, шахмат спорт устаси, Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирининг ўринбосари Баходир Хамидович Умурзаков, ФИДЕ тоифасидаги арбитр Элдор Шукурович Гафуров, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийи Рустам Абдижамилович Давлетов (Қорақалпоғистон Республикаси) ва аёллар халқаро спорт устаси Юлдуз Ойбековна Ҳамроқулова кейинги тўрт йил муддатга Ўзбекистон шахмат федерацияси раиси ўринбосарлари этиб сайланишди.

Шунингдек, таниқли журналист ва публицист Шароф Ортиқович Убайдуллаев федерациянинг жамоатчилик кенгаши раиси этиб сайланди.

Раис ўринбосари Б.Умурзаков зиммасига давлат органлари, спорт ташкилотлари ва идоралари билан ҳамкорликни кучайтириш, мамлакатимиз ҳудудларида шахмат спорт турини янада оммалаштиришни янги босқичга олиб чиқиш, чекка ҳудудлардан иқтидорли ёшларни топиш ва уларни катта спортга йўналтириш, аҳоли орасида турли даражадаги шахмат мусобақаларини ташкил этиш ва умуман ушбу спорт турини янада ривожлантириш вазифалари юкланди.

Кейинги пайтларда республикамизда хотин-қизларнинг жамиятдаги фаоллигини ошириш, гендер тенглигини таъминлашга алоҳида аҳамият қаратилмоқда. Шуни инобатга олган ҳолда Ўзбекистон шахмат федерацияси томонидан раис ўринбосари этиб Юлдуз Ҳамроқуловани сайлаш таклифи илгари сурилди ва бир овоздан маъқулланди. Ўз навбатида Ю.Ҳамроқулова юртимиз хотин-қизлари орасида шахматни кенг оммалаштириш, аёллар орасидан етук шахматчиларни тарбиялаш, аёллар терма жамоалари сафига иқтидорли қизларни жалб қилиш, аёл тренерларни тайёрлаш, профессионал шахматчилар орасида халқаро унвон соҳиби бўлган хотин-қизлар сонини кўпайтириш ҳамда уларнинг рейтинг кўрсаткичларини ошириш сингари вазифалар билан шуғулланади.

Ҳисобот-сайлов Конференциясида федерация бошқаруви таркибида бошқа ўзгаришлар амалга оширилмади.

Шунингдек, делегатлар Ўзбекистон шахмат федерацияси Ижроия қўмитасининг янги таркибини кейинги тўрт йил муддатга тасдиқлашди.

Ҳар икки йилда Бутунжаҳон шахмат олимпиадаси доирасида ўтказиладиган ФИДЕнинг олий органи – Конгресс йиғилиши жорий йил Ҳиндистон давлатида ташкил этилади. Ушбу нуфузли спорт анжуманида Ўзбекистондан расмий вакил сифатида иштирок этиш учун Марказий Осиё давлатлари шахмат федерацияси президенти, Ўзбекистон шахмат федерацияси раисининг биринчи ўринбосари Хусан Худойқулович Турдиалиев номзоди делегатлар томонидан бир овоздан маъқулланди ҳамда Ўзбекистон номидан ФИДЕ делегати сифатида иштирок этади.

Шунингдек, кун тартибидаги сўнгги масала юзасидан киритилган тақдимномага асосан федерация фаолиятига ва ўрганиш объектларига ҳуқуқий баҳо берилди. Федерациянинг келгуси фаолиятида қонунчиликка ҳамда ўз уставига қатъий риоя этилишини назорат қилиш ҳамда уставга зид ҳаракатлар содир этган масъул ходимларга тегишли чораларни кўриш лозимлиги белгилаб қўйилди.

 

Ўзбекистон шахмат федерацияси
Матбуот хизмати